Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 472 марта ўқилди

1. ННТларда қандай ҳужжатлар бўлиши керак?

Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:

  • муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав;
  • қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

Нодавлат нотижорат ташкилоти таъсис ҳужжатларининг талаблари нодавлат нотижорат ташкилотининг ўзи учун, унинг муассислари ва қатнашчилари (аъзолари) учун мажбурийдир.

Таъсис шартномасида тарафлар (муассислар) нодавлат нотижорат ташкилотлари уюшмасини (иттифоқини) тузиш мажбуриятини оладилар, уни тузиш соҳасида биргаликда фаолият кўрсатиш тартибини, унга ўз мол-мулкини бериш ҳамда унинг фаолиятида иштирок этиш, нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини бошқариш, муассисларнинг унинг таркибидан чиқиш шартларини белгилаб берадилар. Таъсис шартномасига муассисларнинг келишувига биноан бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг уставида қуйидагилар назарда тутилади:

  • нодавлат нотижорат ташкилотининг номи, мақсад ва вазифалари, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, у ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг тузилмаси ва раҳбар органлари, заруратга қараб унинг назорат-тафтиш органлари (ижтимоий фондлар учун — мажбурий) ёки аудиторларни (аудиторлик фирмаларини) жалб этишнинг мажбурийлиги;
  • раҳбар органларнинг ваколат доираси ва уларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколат муддатлари, доимий асосда ишлайдиган раҳбар орган жойлашган ер;
  • аъзолик белгиланган бирлашмалар учун — аъзо бўлиш ва аъзоликдан маҳрум бўлиш шартлари ва тартиби, аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари;
  • қайта ташкил қилиш ва тугатиш тартиби;
  • уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тартиби.

Маълумот учун

2. ННТни рўйхатдан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ёхуд юридик шахс бўлган ваколатхона ёки филиал тўғрисидаги низом давлат тилида икки нусхада;
  • таъсис шартномаси — нодавлат нотижорат ташкилотларининг уюшмалари (иттифоқлари) учун;
  • нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг баённомаси ёхуд таъсисчининг қарори (республика ва вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари учун тегишли ваколатхоналар ва филиалларни ташкил этиш, раҳбар органларни ҳамда бошқа органларни шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади);
  • жойлашган ери нодавлат нотижорат ташкилотининг почта манзили сифатида фойдаланилиши мўлжалланаётган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
  • нодавлат нотижорат ташкилотини тузиш ташаббускорлари ёхуд унинг таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар;
  • ташаббускор фуқароларнинг рўйхати;
  • бош нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси — ваколатхоналар ва филиаллар учун;
  • дастлабки маблағлар шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат — жамоат фондлари учун;
  • васиятноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси — васиятнома бўйича ташкил этилаётган жамоат фондлари учун;
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

Маълумот учун

3. ННТлар учун ижтимоий буюртмалар бериш тартиби қандай?

Давлат ижтимоий буюртмаси давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузиш йўли билан социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир давлат топшириғидан иборат бўлади.

Давлат ижтимоий буюртмаларини бериш Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали, шунингдек давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат органлари ушбу Қонунда назарда тутилган ижтимоий шериклик соҳалари доирасида ўз фаолиятининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари қўллаб-қувватлашини талаб этадиган устувор йўналишларини белгилайди ҳамда келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига буюртмалар юборади. Буюртмада давлат органи фаолиятининг устувор йўналишлари, ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир топшириқнинг мақсадлари, вазифалари ва шартлари кўрсатилади.

  • Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов ташкил этади, нодавлат нотижорат ташкилотларидан ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан тушган таклифларни умумлаштиради ҳамда уларни тегишинча Парламент комиссиясига, жамоат комиссияларига киритади.

Парламент комиссияси ёки жамоат комиссиялари тегишинча Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, давлат ижтимоий буюртмаларини беришнинг мақсадга мувофиқлиги ва уларнинг ҳажмлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади, давлат буюртмачиларининг рўйхатини ва кўрсатилган маблағларни ажратиш режалаштирилаётган фаолият йўналишларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун тегишинча Парламент комиссиясига, жамоат комиссияларига тақдим этади.

Маълумот учун:

4. ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби?

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудларида фаолият олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини белгиланган тартибда аккредитация қилишни амалга оширади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилиш ўтказилган кундан эътиборан 2 ой ичида, жамоат бирлашмаси учун эса 1 ой ичида тақдим этилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилиб олган адлия органи уларни 1 ойлик муддат ичида кўриб чиқади ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 3 кун ичида муассисларга давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома ёки қонунчиликнинг қайси қоидалари бузилганлиги давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга олиб келганлиги ҳақида аниқ кўрсатилган ҳужжат беради.

Маълумот учун:

5. ННТларга давлат субсидияларини ажратиш тартиби қандай?

Давлат субсидияси социал ва ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан бериладиган ҳамда аниқ лойиҳалар билан боғлиқ бўлмаган молиявий ёки бошқа моддий кўмакдир.

Давлат субсидияларидан фақат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий фойдали мақсадларга эришиш учунгина фойдаланилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат субсидиясини олиш учун Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига буюртмалар билан мурожаат этади.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг буюртмаларини умумлаштиради, субсидиялаш ҳажмларига доир таклифларни тайёрлайди ҳамда уларни Парламент комиссиясига киритади.

  • Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, субсидиялашнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарур ҳажмлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади.
  • Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тасдиқланганидан кейин Парламент комиссиясига давлат субсидияларини тақсимлашга доир таклифларни тақдим этади.

Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг таклифлари олинганидан кейин нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ажратиладиган давлат субсидияларининг ҳажмларини аниқлайди.

Давлат субсидияларини ажратиш тартиби ва шартлари Парламент комиссияси томонидан белгиланади.

Қонунчиликда айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун давлат томонидан субсидиялашнинг бошқача тартиби ҳам назарда тутилиши мумкин.

Маълумот учун:

Chat